Замонавий спорт мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди

Бугун 8 апрель куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида янги, ўзида 8 дан ортиқ спорт турлари билан шуғулланиш имкониятини мужассам этган, барча замон талабларига жавоб берадиган, замонавий Спорт мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Бўлиб ўтган маросимда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги вакиллари, Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси вакиллари, соҳа ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда спорт усталари иштирок этишди.

Университетда таълим билан биргаликда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спортни ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун замонавий шароитлар яратиш мақсадида ишга туширилган мазкур спорт иншооти илғор архитектура ечимлари ва энергия тежовчи технологияларни қўллаган ҳолда Турк муҳандисларининг конструкция лойиҳаси асосида барпо этилган бўлиб, бир вақтнинг ўзида спортнинг мини футбол (баскетбол ёки волейбол), югуриш, фитнес ва кураш каби турлари билан машғулот ўтказиш имкониятига ҳамда автоном иситиш тизимига эга 2620 кв.м майдонни ўз ичига олади.

Спорт мажмуасида ўрнатилган замонавий тасвирга олиш воситалари орқали ўтказиладиган мусобақаларни тўғридан тўғри youtube платформасида онлайн трансляция қилиш имкониятининг мавжудлиги эса ушбу мажмуани нуфузини янада ошириши шубҳасиз.

Зеро, Президентимиз томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг иккинчиси бевосита жисмоний тарбия ва спортга йўналтирилган бўлиб, унда ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш кўзда тутилганганлиги бежизга эмас.

Шунингдек, кўтаринки руҳда ўтган маросим доирасида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги тизимига кирувчи соҳа корхоналарининг ходимларидан тузилган терма жамоалар ўртасида ўтказиладиган спортнинг мини футбол тури бўйича соҳа “кўчма Кубоги” мусобақасига ҳам старт берилди.

Тадбир сўнггида соҳа ташкилотлари терма жамоалари ўртасида мини футбол бўйича ўртоқлик учрашувлари бўлиб ўтди.